Новосибирск делегацияси Сариосиё туманида қатор объектлар ва лойиҳалар билан танишди
Воҳамизга амалий ташрифини давом эттираётган Новосибирск делегацияси Сариосиё туманига ташриф буюрди. Меҳмонлар Сурхондарёнинг ташриф қоғозларидан бирига айланган “Сангардак” шаршараси билан танишишди.
Ўзига хос табиати, табиий булоқ сувли шаршараси ҳамда ажиб тоғ манзаралари билан нафақат юртимиз, балки хорижлик сайёҳлар эътирофига сазавор бўлаётган маскан меҳмонларда катта тассурот уйғотди. Улуғбек Қосимов ва Андрей Травников шаршара ҳамда ҳудуддаги санаторийларда яратилган шароитлар билан танишиб, ҳудудлараро туризм оқимини ривожлантириш, новосибирсклик сайёҳлар учун Сурхондарё бўйлаб тур-пакетлар ишлаб чиқиш масаласини ҳам муҳокама қилди.
Новосибирсклик сайёҳлар учун Сурхондарёнинг тоғли манзиллари, тарихий архитектура ёдгорликлари ҳамда гастраномик ва экотуризм обектлари катта қизиқиш уйғотиши қайд этилди.
Шундан сўнг, Новосибирск губернатори Андрей Травников Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамроҳлигида Сариосиё туманида жойлашган “Тўпаланг” сув омборига ташриф буюрди. Вилоятимиз раҳбари россиялик ҳамкасбига “Тўпаланг” сув омборидан вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган мега лойиҳа ҳақида маълумот берди.
Меҳмонлар сув омбори ҳудудида барпо этилган, экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарувчи “Тўпаланг ГЭС”и фаолияти, иш жараёнлари билан танишди. Мутахассислар электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида батафсил ахборот берди.
Маълумот учун, ҳудудда сувнинг табиий тушиш йўли, яъни битта каскадда “Тўпаланг”, “Зарчоб 1”, “Зарчоб 2”, “Зарчоб 3” ГЭСлари ҳамда “Зарчоб -1 А” кичик ГЭС барпо этилган бўлиб, уларда воҳамиз электр энергияси эҳтиёжининг 40 фоизи ишлаб чиқарилади.
Новосибирск делегациясининг Сариосиё туманига ташрифининг кейинги манзили “УзАгроЛидер” МЧЖнинг замонавий лимончилик иссиқхонаси бўлди. Вилоятимиз раҳбари Улуғбек Қосимов ва губернатор Андрей Травников лимон етиштириш жараёнлари ҳамда воҳада етиштирилаётган мева-сабзавотлар билан танишишди.
Новосибирск губернатори ҳуштам Ўзбекистон мева-сабзавотлари Россия бозорларида харидоргир маҳсулот эканлигини таъкидлаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмларини ошириш, бу борадаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ташаббусини билдирди.
Шунингдек, ҳудудда етиштирилган пахта даласидаги ҳосил билан ҳам танишилди. Умумий майдони 225 гектар бўлган комплексда лимон, броколли, ғалла, узум, пахта ва бошқа турдаги мевалар етиштириш йўлга қўйилган.
Новосибирск губернатори Андрей Травников ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Сариосиё туманида жойлашган, йилига 48 минг квадрат метр эшик ва дераза ромлари ишлаб чиқариш қувватига эга “Смарт Cоммуниcатион” МЧЖга ташриф буюрди. Меҳмонлар ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда тайёр маҳсулотлар турлари билан танишишди.
Имзо бренди остида алюминий профилларидан замонавий эшик ва дераза ромлари ишлаб чиқараётган корхонанинг умумий қиймати 117 млрд сўм бўлиб, унда 200 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритади.
Новосибирск делегацияси Сариосиё туманида жойлашган “Сурхон сифат текстил” хусусий корхонасининг ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Ишлаб чиқариш жараёнлари, тайёр ип-калава маҳсулотлари кўздан кечирилди. Мутахассислар корхона фаолияти ва иш жараёнлари ҳақида маълумот беришди.
Умумий қиймати 331 млрд сўмни ташкил этувчи ушбу лойиҳанинг йиллик қуввати 11 минг тонна ип-калава бўлиб, 500 та иш ўрни яратилган. Шунингдек, шу ернинг ўзида ташкил этилган кийим-кечаклар шоуруми билан ҳам танишилди.
Шундан сўнг, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Новосибирск губернатори Андрей Травниковга Ўзбекистон-Тожикистон давлатлари чегарасидаги "Сариосиё" чегара божхона пости ҳамда ушбу ҳудудда эркин савдо маркази ташкил этиш лойиҳаси билан таништирди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz