Сурхондарёда Ички ишлар идораларининг бир гуруҳ ходимлари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни кенг нишонланаётгани ушбу масъулиятли касб соҳибларига бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Ушбу сана муносабат билан Термиз шаҳридаги Саньат саройида бўлиб ўтган тантанали тадбирда ички ишлар идоралари ходимлари ва фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Тўра Боболов кейинги йилларда ички ишлар органлари ходимларига яратилаётган шароитлар ва эришилаётган натижаларни алоҳида таъкидлаб, соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади.
Қайд этилдики, сўнгги йилларда мамлакатимизда ички ишлар органларини тубдан ислоҳ қилиб, соҳани чинакам халқпарвар тузилмага айлантиришга қаратилаётган эътибор тинч, осуда ҳаётимизни таъминлашда ўз самарасини бермоқда. Юртимизда жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, бошқа муҳим вазифаларни амалга оширишда ижобий натижаларга эришилмоқда.
Хусусан, вилоят ҳудудида 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 115,5 тадан жиноят тўғри келиб, бу кўрсаткич Республика бўйича ижобий 3-ўринда.
Президентимизнинг ташаббуси билан юз бераётган янгиланишлар жараёнида соҳанинг энг қуйи бўғини - маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш бўйича ишлаш услуби тубдан ўзгарди. Жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли учун муносиб шароитларни яратиш борасида янгича “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш услубига ўтилди.
Фуқароларга яқиндан ёрдам кўрсатиш уларнинг муаммо ва шикоятларини ўз вақтида хал этиш мақсадида, вилоятда 18 нафар штат бирлигидан иборат, мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи ташкил этилди.
Авваллари айрим ҳудудларда профилактика инспектори етишмагани сабабли бир инспектор 2-3 маҳаллага хизмат қилгани, бундай тартиб уларга кўп ҳолларда ортиқча вазифаларни юклагани сир эмас. Эндиликда ҳар бир маҳаллада профилактика инспектори лавозими жорий этилиб, фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажариш ҳам уларга юклатилди. Профилактика инспектори маҳалла раиси билан камида 5 йил бирга ишлаши белгилаб қўйилди. Бу ўзгаришлар фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиб, ҳудудларда тинч, тўкин ҳаётни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда вилоятдаги 727 та ўзини-ўзи бошқариш органининг ҳар бирида бир нафардан профилактика инспектори хизмат олиб бораётгани, улар ҳудуднинг ўзида хизмат уйлари ва хизмат хоналари билан таьминланаётгани ҳамда жиноятдан ҳоли маҳаллалар сафи кенгайиб бораётгани бунга яққол далилдир.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Т. Боболов ички ишлар идораларининг бир гуруҳ ходимлари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирлади.
Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Исмоилов Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожоновнинг байрам табригини ўқиб, эшиттирди. Бир гуруҳ ходимларга Ички ишлар вазирлигининг "Аъло хизмати учун", I, II, III даражали "Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун" кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ, эсдалик ва қимматбаҳо совғаларини топширди.
Тадбир давомида санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури намойиш этилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz