Саид оталиқ мадрасаси қайта тикланади

Мадраса у зотнинг ўғиллари ва неваралари томонидан 26 йил давомида қурилган. Манбаларда айтилишича, Ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор нақшбандия тариқатининг улуғ пири, авлиё, “Силсилаи шариф” дa ўн еттинчи ҳалқадаги муршид, аллома бўлган. Асл исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Бухорий бўлиб, “Аттор” дейилишларига сабаб ул зоти шарифдан ҳамиша хушбуй ҳид анқиб турган, суҳбатлари ҳам ёқимли бўлган экан. Оталари вафот этгач, икки акаси билан қолади. Ота мероси уч ўғилга бўлингач, Ҳазрат Алоуддин мерос олмай, Бухородаги мадрасага ўқишга киради. Акалари савдогар, дўкондор, давлатманд кишилар бўлган. Алоуддинни Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ўз қарамоғларига олиб, таълим беради. Бир куни Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд Ҳазрат Алоуддин Аттор ҳужраларига келиб, дейди: “Эй фарзанд, менинг қизим балоғатга етган, ўшани никоҳингизга олинг”. Ҳазрат Алоуддин эса: “Устоз менинг тўшагим бўйра бўлса, ёстиғим ғишт бўлса, бор давлатим мана шу синган кўза бўлса, мен оилани қандай боқаман? Сизнинг бу сўзларингиз мен учун катта бахтдир, лекин аҳволим ўзингизга аён, пирим!” Ҳазрат Баҳоуддин: “Ризқни бергувчи Аллоҳдир. Сизга ҳам, қизимга ҳам Аллоҳ ризқ берур. Менинг бу тарафдан ташвишим йўқ”, дея жавоб беради. Шундан сўнг Алоуддин Аттор устозларининг қизини ўз никоҳига олади.

Ҳазрат Баҳоуддин Ҳазрат Алоуддинни сулук бошида доимо ўзларига яқин жойда ўтиришини буюрарди. Муридлар бунинг сабабини сўраганларида: “Уни бўри еб қўймасин деб, шундай қиламан. Бўри яъни, нафс доимо пойлаб туради. Шунинг учун ҳам ундан хабар олиб тураман, токи у бўрига ем бўлмасин”, дейди.
–Ҳазрат Баҳоуддин вафот этгач, Ҳазрат Алоуддин Аттор ўз замондошларига таълим берган, – дейди вилоят туризм ва спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари З.Намозов.– Ул зот илми, одоби, тарбияси, хулқи билан устозининг дуосига сазовор бўлган. Тасаввуф илмини кенг ёйиш учун оиласи билан Сурхондарёга келиб, Денов шаҳридаги бир хонақоҳда муридларига таълим-тарбия берган. Ҳазрат милодий 1400-йилда вафот этган. Ўзига хос лойиҳа асосида бунёд этилган мадраса илм-маьрифат маскани сифатида донг таратган. Аслида муаззам масканнинг қайта реконструкция қилиниши ҳам кейинги йилларда мамлакатимизда муқаддас қадамжолар ва тарихий обидаларни қайта тиклаб, зиёрат туризмини ривожлантиришга, юртимизда яшаб ўтган буюк алломаларни дунёга кенг тарннум этишга қаратилаётган юксак эьтибор самарасидир.
Икки қаватли муқаддас иншоот қайта реконструкция қилингач, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг энг севимли масканларидан бирига айланади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

Izoh qoldirish

So‘rovnoma
Surxondaryo viloyati hokimligi faoliyatini qanday baholaysiz?

Bog'lanish
Sayt Surxondaryo viloyati hokimligi huzuridagi, Axborot kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish markazi mutaxassislari tomonidan yaratilgan.