Тўра Боболов: “Тўпалангдан келадиган сув аҳолимизнинг 90 фоизини тоза оби-ҳаёт билан таъминлайди”

Қайд этилдики, кейинги йилларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ вилоятдаги 28 та аҳоли пункти “Обод қишлоқ”, иккита маҳалла “Обод маҳалла” дастурларига киритилган. 75 та аҳоли пунктининг ичимлик ва оқова сув объектларини қуриш учун 182,2 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланган. Ҳозиргача уларнинг 45 тасида 18 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган 128,1 километр тоза ичимлик сув ва 4,6 канализация қувури тортилган.

Дастурга кўра, бу йил вилоятда 864,1 километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, 13 та сув сақлаш иншооти янгидан қурилади. 8 та сув сақлаш иншооти реконструкция қилиниб, 23 та ер ости қудуғи қазилади. 27 та ер ости сув қудуғи реконструкция қилинади. Шунинг 359,6 километр ичимлик сув тармоғини тортиш, 8 та янги сув сақлаш иншоотини қуриш, 6 та сув сақлаш иншоотини реконструкция қилиш, 6 та ер ости қудуғини қазиш, 20 та ер ости сув қудуғини реконструкция қилиш ишлари инвестиция дастури доирасида амалга оширилади. 34,2 километр оқова сув қувурлари тортилиб, 2 дона 500 м куб ҳажмдаги тозалаш иншооти қурилади.

– Президентимиз жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида аҳолини тоза, сифатли ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш вазифасини ҳам белгилаб берди, – деди вилоят ҳокими Тўра Боболов. – Шунга мувофиқ дастлабки ишлар бошлаб юборилди. Тўпаланг сув омборидан 400 километр масофага қувур тортиш учун маҳаллий ва хорижлик 40 нафар мутахассис жалб этилган. Катта босим билан келадиган бу сув 90 фоиз аҳолини тоза оби-ҳаёт билан таъминлайди. Бу йил соҳада олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари 11 мингдан ортиқ хонадондаги 44 минг 207 нафар аҳолини илк марта ичимлик суви билан таъминлайди. 18 минг 805 хонадондаги 75 минг 221 нафар аҳолининг ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилайди. Бу халқимизнинг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражасини ҳозирги 53,4 фоиздан 59 фоизга оширади. 945 та хонадон ёки 3 минг 780 киши янгидан оқова сув қувури тизимига уланади.

Брифинг доирасида иштирокчилар “Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ Ангор туманида аҳолининг тоза ичимлик сув таъминотини яхшилаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Маълумотларга кўра, туманда истиқомат қилаётган 134 минг 700 дан ортиқ аҳолининг 42,7 фоизи ёки 63 минг 483 нафари марказлашган тоза ичимлик сувидан фойдаланади. Аҳолининг қолган қисмига махсус техникалар ёрдамида тоза ичимлик суви етказиб берилади. Туманда 7 та сув иншооти мавжуд. уларнинг 5 таси ишлаб турибди. Иккитаси таъмирланмоқда. Ҳудудда 469,8 километр сув қувури мавжуд бўлиб 223 километри яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шунингдек, 70 дона якка тартибдаги сув чиқариш қудуқларидан 32 таси таъмирталаб ҳолатда.

Жорий йилда “Обод қишлоқ” дастури асосида “Юқори Таллимарон” маҳалласи аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш учун 5 миллиард 280 миллион сўм маблағ ажратилган. Бу маблағ эвазига “Сариосиё – Дизел Имкон” хусусий корхонаси 29,5 километр янги сув қувурини тортиб, 1 та сув сақлаш иншоотини қурмоқда. Лойиҳа тўла қувват билан ишга тушгач, маҳаллада 88 фоиз аҳолининг тоза ичимлик сув масаласи тўлиқ ҳал этилади.

Тўлқин маҳалласида аҳолининг тоза ичимлик сув таъминотини яхшилаш инвестиция ва “Обод қишлоқ” дастурлари асосида амалга оширилмоқда. Бунинг учун ҳудуддаги сув иншооти ва тармоқлари реконструкция қилиниб, 33 километр масофага янгидан сув қувури тортилмоқда. 85 дона назорат қудуғи ўрнатилаётир.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамигача фойдаланишга топшириладиган мазкур обьект Тўлқин маҳалласида яшовчи 3 минг 890 дан зиёд аҳолининг тоза ичимлик сув масаласига ечим топиб, ҳудудда ичимлик сув билан таъминланиш даражасини 89 фоизга етказади.
Ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари журналист ва блогерларда яхши таассурот уйғотди.

 

Izoh qoldirish

So‘rovnoma
Surxondaryo viloyati hokimligi faoliyatini qanday baholaysiz?

Bog'lanish
Sayt Surxondaryo viloyati hokimligi huzuridagi, Axborot kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish markazi mutaxassislari tomonidan yaratilgan.